Аллоҳ уларни энг қуйи жаннатдаги булоқдан Жаброил алайҳиссаломнинг қанотлари билан нозил қилди. Уларни тоғларга ўрнатиб, ер юзига оқизди ва инсонлар учун фойдали қилди. Бу иш Аллоҳ таолонинг ушбу:
“Ва Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик” (Мўминун сураси, 18-оят), деган сўзининг исботидир.
Қачон Яъжуж-Маъжуж чиқиш пайти келса, Аллоҳ Қуръонни, илмни ва ушбу бешта дарёни кўтариш учун Жаброил алайҳиссаломни юборади. Сўнг бу нарсалар осмонга кўтарилади. Бу иш Аллоҳ таолонинг ушбу:
“Шак-шубҳасиз, Биз уни кетказишга ҳам қодирмиз”, деган сўзидир (Мўминун сураси, 18-оят)”.
Бас, қачон бу нарсалар ер юзидан кўтарилса, одамлар дунё ва дин яхшиликларини йўқотади”. Қуръоннинг Яъжуж-Маъжуж чиқиш пайтида кўтарилиши хусусида турлича қарашлар бор. Масъудийдан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд даврларида Фурот дарёси тошди. Бу ҳол инсонларга ёқмади. Шунда Ибн Масъуд: “Унинг тошишини ёмон кўрманглар! Ҳали шундай замон келадики, бир тоғора сув қидирилади-ю, топилмайди. Бу ҳодиса ҳамма сув ўз унсурига қайтганда бўлади. У пайтда сув ва булоқ қолдиқлари фақат Шомда қолади”, дедилар”.
Имоми Қуртубийнинг "Тазкира"сидан
Жаҳонгир Тўлқин ўғли, Убайдуллоҳ Абдулазиз таржмалари